Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан буён фронтда 118 139 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Улар орасида 28 та давлатдан келган 523 нафар хорижлик ҳам бор — улар шартнома имзолаган пайтда Россия фуқароси бўлишмаган. Бу ҳақда BBC, «Медиазона» ва ҳарбий йўқотишларни очиқ манбалар орқали ҳисоблаб борадиган кўнгиллилар гуруҳи тайёрлаган янги ҳисоботда айтилган.
Энг кўп ҳалок бўлган хорижликлар:
- Тожикистон фуқаролари — 72 нафар
- Ўзбекистон фуқаролари — 66 нафар
Бу хорижликларнинг катта қисми Россия қамоқхоналаридан фронтга юборилган — улар аксар ҳолларда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан шартнома имзолаган.
2023 йилдан бери маҳкумларни урушга жалб этиш билан Россия Мудофаа вазирлиги шуғулланмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, мигрантларга урушда қатнашиш:
- кириш тақиқини бекор қилиш,
- депортацияни бекор қилиш,
- ёки фуқароликни тезлаштирилган тартибда бериш эвазига таклиф қилинади.
Бошқа ҳалок бўлган хорижликлар:
- 70 нафар Непал фуқароси
- 60 нафардан ортиқ Грузияликлар — асосан Жанубий Осетия ва Абхазиядан чиққанлар
- 54 нафар Украина фуқароси — асосан Киев назоратидаги ҳудудларда яшаган, қамоқда бўлган шахслар
Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларидан бўлган, Россия тарафида жанг қилаётган Украина фуқаролари бу ҳисобга киритилмаган — улар алоҳида қайд қилинади.
Ҳалок бўлганлар рўйхатида АҚШ фуқароси Майкл Глосс ҳам бор — у ҳозирги Марказий разведка бошқармаси (ЦРУ) директори ўринбосарининг ўғли. Глосс 2023 йил сентябрида шартнома имзолаган ва 2024 йил апрелида фронтда ҳалок бўлган.
Жанубий Корея разведка хизматининг баҳолашича, КХДР (Шимолий Корея) тарафидан Россия учун жанг қилган 600 нафарга яқин солдат ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Аммо уларнинг шахсини аниқлаш ҳозирча иложсиз.
Расмий маълумот йўқ, йўқотишлар — анча катта
Ушбу ҳисоботда украин томони ёки Ғарб разведка хизматлари маълумотлари ишлатилмаган. BBC ва "Медиазона"нинг таъкидлашича, Россия ва хорижлик аскарлар йўқотишлари бу рақамлардан анча кўп.
2025 йил 10 июль куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувидан сўнг Россия урушда 100 минг нафар аскарини йўқотганини айтган эди.
"Украинадаги йўқотишлар бундан камроқ, лекин барибир жуда катта", деган АҚШ Давлат котиби
Москва ҳам, Киев ҳам ўз йўқотишлари ҳақида расман жуда кам маълумот беради.
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан буён расмийлар Ўзбекистон фуқароларини хорижий армия сафларига қўшилмаслик ҳақида огоҳлантириб келади. 2022 йил сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги фуқароларни қонунчиликда бу каби жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилгани ҳақида огоҳлантирган.
Ўтган йил октябрида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ватандошларни хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан тийилишга чақиргани қатор россиялик сиёсатчиларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Ўтган йил январида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин берган мигрантларга қарши рейдлар натижасида аниқланган 10 000 дан зиёд ўзбек, тожик ва қирғиз меҳнат муҳожирлари Украина фронтига юборилганни айтган эди. Улардан қанчаси урушда ўлгани ҳақида маълумот йўқ.
Форум